Илғор технологик линия

Йилига 69 минг 114 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни иқтисод қилиш имконини беради “Кварц” акциядорлик жамияти юртимиздаги йирик саноат субъектларидан бири ҳисобланади.
Манба

Бу ерда тайёрланаётган турли ҳажмдаги шиша идишлар, рангли, қурилишбоп ҳамда автомобилсозлик учун мўлжалланган ойналар сифат жиҳатидан алоҳида ажралиб туради.
Шу боис кейинги йилларда мазкур корхона жамоаси томонидан тайёрланган маҳсулотлар бир қатор халқаро анжуман ва савдо-кўргазмаларда юксак баҳоланиб, харидорлар эътиборига тушаяпти.
Қўлга киритилаётган муваффақиятларни янада мустаҳкамлаш мақсадида корхонада мавжуд 5 та асосий ва 9 та қўшимча цех босқичма-босқич модернизация қилинмоқда. Жумладан, шиша идишлар ишлаб чиқариладиган цех Германиянинг “Эмхарт”, ойналарни силлиқлаш цехи Италиянинг “Текинт” фирмаси технологик ускуналари асосида жиҳозлангани маҳсулот сифатини янада яхшилаш учун шароит яратди.

Бундан бир неча йил муқаддам жамиятда бўялган ойналар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ваҳолонки, илгари унинг турдошлари Хитой, Россия, Туркия каби давлатлардан келтирилар эди. Жорий йилда эса бу ерда яна бир янгиликка қўл урилди: хориждан ойналарга керамик тарзда ишлов берувчи замонавий технологик жиҳозлар харид қилинди.

Натижада Ўзбекистонда илк бор декоратив тасвирлар туширилган, ранги ўчиб -кетмайдиган, тобланган ойналарни тайёрлаш имконияти вужудга келди. Қайд этиш керакки, ишлаб чиқаришга инновацион лойиҳалар изчил татбиқ этилаётгани бу каби ижобий ўзгаришларга кенг йўл очиб бераяпти.

Бу ерда, мана, бир неча йилдирки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 июлдаги қарори асосида Халқаро тараққиёт уюшмаси (IDA) иштирокида Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки билан ҳамкорликда қўлланилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда. Ойналарга ишлов берувчи эски ускуналарни алмаштириш ҳисобига энергия сарфини 20 фоизгача қисқартиришга мўлжалланган инвестициявий лойиҳа ана шулар сирасидандир. Унинг қиймати қарийб 2 миллион еврони ташкил қилади.

Мазкур истиқболли лойиҳа асосида яқинда Италиянинг “Bottero S.p.A.” компаниясининг замонавий шиша қолиплаш ускунаси олиб келиб ўрнатилди. Ушбу машина замонавий электрон тизим билан таъминланган бўлиб, иш жараёни автоматик равишда бошқарилади. Аҳамиятлиси, у ўзини ўзи назорат қилиб, қизиганда совитади ёки аксинча. Тизим бир вақтнинг ўзида 2-3 хил маҳсулот ишлаб чиқара олади. Бундан кўринадики, ускуна тежамкор ва фойдали. Ҳисоб-китобларга кўра, биргина мазкур технологик линиянинг фойдаланишга топширилиши корхонада йилига 941 минг кВт/соатдан зиёд электр энергияси, 143,943 минг куб метр табиий газни тежаш, пировардида 69 минг 114 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни иқтисод қилиш имконини берар экан.

Бу — республикамиз саноат тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда бажарилаётган юмушлардан бир мисол, холос. Бинобарин, 2015 йил 5 майдаги 2015 — 2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда энергия сиғимларини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури доирасида кўплаб истиқболли ва наф келтирувчи лойиҳалар рўёбга -чиқарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки ҳамкорлигидаги 2018 йилгача мўлжалланган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси айнан шу Дастур маҳсулидир. Муҳими, бу орқали нафақат корхоналарда ресурсларни тежашга эришилаяпти, балки ички ва ташқи бозорларга янги, рақобатдош саноат маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми ортмоқда.

29 Апрель 2017
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Оставьте ответ

Ваш электронный адрес не будет опубликован.