IPO (инглиз тилидан олинган – Initial Public Offering) – акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи ошкора таклиф этиш деган маънони билдиради. Яъни у жамият томонидан акцияларни чекланмаган шахслар орасидаги дастлабки сотуви, дастлабки таклиф қилинишидир. IPO ни ўтказишдан асосий мақсад корхонани ривожлантириш учун кенг доирадаги инвесторлардан капитал жалб қилишдир.

Ўзбекистоннинг етакчи саноат корхоналаридан бири “КVARTS” акциядорлик жамияти 2017 йил 5 декабрдан бошлаб жамиятининг 4 574 934 дона оддий акцияларини бирламчи оммавий таклиф этиш (IPO) орқали “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларига чиқарди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 майдаги 268-сонли “Фонд биржасида акцияларни оммавий таклифини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан IPO тадбирларини ташкилотчиси – андеррайтери Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки (Миллий банк) ҳисобланади.

“КVARTS” АЖ ва Миллий банк ўртасидаги тузилган 2017 йил 15 сентябрдаги шартномага мувофиқ чиқарилган акцияларни 100 фоиз сотиш кафолати Миллий банк томонидан олинган.

Акцияларини сотиб олиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртмалари фонд бозорида фаолият юритувчи инвестиция воситачилари (брокерлар) томонидан қабул қилинади. Инвестиция воситачиларининг рўйхатини Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш Маркази (www.csm.cov.uz) ва “Тошкент” РФБнинг (www.uzse.uz) расмий сайтларидан олиш мумкин.

Буюртмалар бир дона акция учун 3 000 сўмдан 9 100 сўмгача бўлган оралиқдаги (диапазонда) нарҳларда қабул қилинади. Акцияларни сотиш харидор берган буюртмада таклиф этилган нархларда, юқори берилган баҳога устуворлик берилган холда амалга оширилади.

Бунда, бир шахс кўпи билан 2 287 дона акция, яъни сотувга чиқарилган акцияларнинг 0,05 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда сотиб олиши мумкин.

Акцияларга буюртмалар қабул қилиш охирги санаси 2018 йил 3 апрель куни этиб белгиланган.

“КVARTS” АЖ – 1975 йилда ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, листланган ойна, шиша банка, бутилка, автомобил саноати учун ойна  ва ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқарувчи Ўзбекистондаги йирик ва етакчи корхона ҳисобланади.

“КVARTS” АЖ Республика истеъмол бозорининг 60,0 фоиз қурилиш ойнасига, 95,0 фоиз шиша банка ва 50,0 фоиз шиша бутилкага бўлган эҳтиёжини таъминлайди.

“КVARTS” АЖ 2014-2016 йиллар давомида молиявий ҳолати барқарорлиги ва юқори ўсиш даражаси ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми 1,5 баравар ва соф фойда 2,2 бараварга ошганлиги билан акциядорлар ва инвесторлар эътиборида бўлмоқда.

Охирги уч йилда жамият соф фойдасининг 46-50 фоизи дивиденд учун ажратилмоқда. 2016 йилда олинган 56,18 млрд. сўм соф фойданинг 28,09 млрд. сўми ёки бир дона акцияга 1172,3 сўмдан (номинал қийматига нисбатан 68,36 фоиз миқдорида) дивидендлар тўлашга йўналтирилган.

Корхона 2017 йилни ҳам муваффақиятли якунлади, жамият соф фойдаси ўтган йилга нисбатан деярли 1,5 баравар кўпайиб, 80 млрд. сўмдан ошиши кутилмоқда.

Жамиятнинг 2017-2021 йиллар учун Стратегик ривожланиш дастурига асосан корхонада ишлаб чиқаришини фаол модернизация қилиш, энерготежамкор линияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ва акциядорлар даромадини ошириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Дастурга мувофиқ қуввати суткасига 400 тонна листланган ойна ишлаб чиқаришга мўлжалланган янги флоат линиясини қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Замонавий технологиялар (Европа, Хитой) асосидаги мазкур лойиҳани ишга тушириш 2019 йил 2-ярмига режалаштирилган бўлиб, уни амалга ошириш натижасида йиллик ойна ишлаб чиқариш ҳажми деярли 2 баравар кўпаяди ва 20 млн. кв.метрга етади, ойна қалинлиги ва ўлчамлари кенгаяди, энергохаражатлар камайиб, маҳсулотни экспортга чиқариш имкониятлари ортади.

“КVARTS” АЖнинг устунлиги унинг доимий равишда бозор талабидан келиб чиқиб, маҳсулот ассортиментини кўпайтириш, унинг сифатини, жаҳон бозоридаги рақобатбардошлик даражасида оширишга интилишидадир.

2016 йил сентябридан бошлаб маҳсулот таркибидаги хом ашё тўлиқ маҳаллийлаштирилиб, импортга боғлиқлик бартараф қилинган бўлса, 2017 йилда янги – бадиий безак берилган тобланган ойна маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Корхонада ривожланиш ва жаҳон бозорига чиқишнинг асоси бўлган маҳсулот сифатини бошқариш тизимига катта эътибор берилади. Жамият томонидан ISO 50001-2011, ISO 9001:2015 ва бошқа сифат бошқаруви тизимининг халқаро сертификатлари олинган.

2017 йил февралда Парижда сифат бўйича ўтказилган BID Халқаро Конвенция давомида “КVARTS” АЖга Етакчилик, Сифат ва Инновация йўналишида халқаро эътироф мукофоти International Star for Leadership in Quality (ISLQ) “Олтин” тоифасида топширилди.

Шунингдек, корхона 2017 йилнинг Москва шаҳридаги анжуманларда, шу жумладан август ойида “Халқаро сифат стандарти” мукофотини олди, декабрь ойида Халқаро Конгрессда профессионал фаолият, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги хизматлари учун “Ишончли ҳамкор” халқаро мукофот лауреати бўлди.

 

Батафсил маълумотларни: “КVARTS” АЖнинг қуйидаги 0 373 372-44-03, +99897 337-54-30 ва расмий брокер “Dalal Standard” МЧЖнинг +99890 187-51-25 телефон рақамларидан, “КVARTS” АЖнинг www kvarts.uz, “Тошкент” РФБнинг www.uzse.uz, Миллий банкнинг www.nbu.uz ва “Dalal Standard” МЧЖнинг www.dalal.uz сайтларидан олишингиз мумкин.

Telegram даги каналимиз: https://telegram.me/ao_kvarts