“КВАРЦ” АЖ – ХАЛҚАРО СИФАТ КУБОГИНИНГ СОҲИБИ

Қувасойдаги “Кварц” акциядорлик жамияти вилоятимиз ва республикамиздагини эмас, Марказий Осиёда ҳам ўз маҳсулотлари билан донг таратган корхоналардан биридир.

Шиша идишлар ва ойна маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхонада маҳсулот ҳажмини ошириш, сифатни муттасил юксалтириб бориш, халқаро тажриба ва замонавий технологияларни ўрганиш ва жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, иқтисодий кўрсаткичларнинг жадал юксалиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Кейинги йилларда акциядорлик жамиятининг республикамиз ва хориждаги ишлаб чиқариш субъектлари билан ҳамкорлиги ва алоқаси кескин кучайди. Бу эса, корхонада импорт ҳажмини камайтириб, экспорт миқдорини жадал ўстириш имконини бермоқда. Маҳсулот ишлаб чиқариш учун асосий хом ашё – кварц қуми илгари қўшни республикадан валютага сотиб олинган бўлса, эндиликда бу соҳада Навоийдаги корхона билан ҳамкорлик қилинмоқда. Маркетинг, истиқболли ривожланиш ва инвестиция бўйича бош мутахассис Марина Исроилованинг айтишича, бу йил Навоийдаги хом ашё объектини сотиб олиш ва “Кварц” таркибига киритиш юзасидан расмий ҳужжатлар тайёрланмоқда. Бу режа амалга оширилса ортиқча ҳаражатлар камайиб, маҳсулот таннархи сезиларли даражада арзонлаштирилади.

Қувасойлик ойнасозлар вилоят, республика ва қўшни ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар учун сифатли қурилиш ойналари етказиб беришни изчил йўлга қўйдилар. Бугунги кунда “Кварц”да тайёрланган ойна маҳсулотлари Андижон, Наманган, Гулистон, Жиззах, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда бунёд этилаётган замонавий иншоотларда ҳам кенг қўлланилмоқда. Экспорт ҳажми 2014-2015 йиллардаги 14,3 фоиздан ўтган йили 201,0 фоизга кўтарилди.

2017 йилнинг апрель ойида “International Star for Leadership in Quality” халқаро бизнес ташаббуслар дирекцияси томонидан Франция пойтахти Парижда ташкил этилган тадбирда “Кварц” акциядорлик жамиятининг фаолиятига юксак баҳо берилди.

Юқори халқаро сифат стандартларини жорий этиш, юксак кўрсаткичларга эришаётган корхоналар фаолиятини таҳлил ва мониторинг қилиш билан шуғулланадиган мазкур ташкилот мутахассислари Қувасойдаги корхонада халқаро миқёсдаги сифат ва бошқарув тадбирлари замон талаблари асосида ташкил этилганлигини таъкидладилар. Корхонада ISO 9001-2015 халқаро сифат стандартини жорий қилиш натижасида тайёрланаётган маҳсулотлар сифатини ошириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштиришда қувончли кўрсаткичлар қўлга киритилаётганини қайд этдилар. Бизнес ташаббуслар дирекцияси президенти Хосе Прието “Кварц” АЖ бошқаруви раиси Акмалжон Пўлатовга “International Star for Leadership in Quality” мукофоти кубогини тантанали равишда топширар экан, қувайсойликлар Марказий Осиё корхоналари орасида бу юксак мукофотга эришган ягона жамоа эканликларини айтиб ўтди.

«Фаргона хакикати» газетаси, №44(24121), 31 май 2017 йил.

Дониёр ЭРГАШЕВ.

2017-05-31 10:59:37

Махба