1 октябр, 2017 й.
Манба
1 Звезда2 Звезды3 Звезды4 Звезды5 Звезд (No Ratings Yet)
Loading...

 

“Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида медиа-тур ўтказилмоқда

 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Фарғона водийси бўйлаб медиа-тур ўтказилмоқда. 

Мамлакатимизда саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежамкор технологиялар ва қайта тикланувчан энергия манбаларини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, мазкур лойиҳа доирасида саноат корхоналарини самарали бошқариш тизими такомиллаштирилаётгани ишлаб чиқаришда рақобатбардошликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Яъни сарф-харажат камайиб, маҳсулот сифати яхшиланмоқда. Бунда, айниқса, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган инновация лойиҳалари кенг қўлланилаётгани яхши самара бераётир. 

Мазкур лойиҳа корхона ва ташкилотлардаги эскирган ускуналарни замонавийсига алмаштириш, ишлаб чиқариш жараёнини тежамкор технологиялар ҳисобига модернизация қилишдан иборат. Энергия истеъмолида янги йўналишларни қамраб оладиган бу каби ишлар илмий-техник, энергетика соҳасидаги тадқиқотларни молиявий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан унумли фойдаланишга хизмат қилмоқда. Фарғона вилояти саноат корхоналарида ҳам бу борада салмоқли ишлар амалга оширилаётир. 

– Мазкур медиа-тур журналистларга мамлакатимиз саноат корхоналарида жорий этилаётган энергия тежамкор ускуна ва технологиялар, уларнинг иқтисодий самарадорлиги ва афзалликлари билан бевосита танишиш имконини беради, – дейди «Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш» лойиҳаси раҳбари Алишер Алимбоев. – Оммавий ахборот воситалари вакиллари мазкур технологияларнинг қандай ишлашини кўриш баробарида, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олмоқда. Бу рўёбга чиқарилаётган ушбу лойиҳалар самараси ҳақида аҳолини кенг хабардор қилишда муҳим аҳамиятга эга. 

Медиа-турнинг дастлабки кунида журналистлар “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида энергия тежамкорлигини ошириш борасида қилинган ишлар билан танишди. Жамиятда энергия сарфини камайтириш, самарадорликни ошириш мақсадида 20 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Уч цехда замонавий технологиялар ўрнатилмоқда. Шунингдек, қуёш энергиясидан унумли фойдаланилмоқда. Лойиҳалар амалга оширилгач, йилига 52 миллион куб метр газ иқтисод қилинади. Биргина ҳавони ажратиш цехини модернизация қилиш лойиҳаси доирасида йилига 52,5 миллион кВт соат электр энергияси тежалмоқда. 

Медиа-тур қатнашчилари корхонада энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиш тизими ва унинг самараси, ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга лойиҳа иштирокчилари ва экспертлардан атрофлича жавоб олди. 

Журналистлар Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятида ҳам лойиҳа доирасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. 

– Жамиятимизда энергия самарадорлигини ошириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Кварц” АЖ бош энергетиги ўринбосари Алексей Кудряшин. – Жаҳон банки ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида 2 миллион 542 минг долларлик маблағ эвазига янги ускуналар келтириб ўрнатилди. Жамиятимизда беш йиллик стратегия бўйича 10 йўналишда иш олиб борилмоқда. Жаҳон банки маблағлари эвазига қурилмалар янгилангани натижасида энергия тежамкорлигига эришилди ва халқаро бозорга рақобатбардош маҳсулот олиб чиқишга ҳаракат қилинмоқда. Янги энергия тежамкор қурилмалар йилига 800 миллион сўм иқтисод қилиш имконини беради. 

“Қўқонспирт” акциядорлик жамиятида ҳам катта самарадорликка эришилмоқда. Инвестиция лойиҳаси доирасида бу ерда ҳам замонавий технологиялар ўрнатилди. Бугунги кунда ишлаб чиқарилаётган углекислота гази тозалиги ва сифати бўйича жаҳон талабларига тўла жавоб беради. Бундан ташқари, тўла қувватда ишлаганда жамиятда йилига 1,4 миллион кВт электр энергияси тежалади, бу эса эски ускуналарда сарф қилинган электр энергияси кўрсаткичларидан 2,4 баробар кам демакдир. Медиа-тур иштирокчилари ана шу жараён билан ҳам яқиндан танишди. 

“Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси 2011 йилдан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 30 дан ортиқ саноат корхонаси Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Ўзбекистон тижорат банклари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларга эга бўлди. Ушбу корхоналар электр энергияси ва табиий газ истеъмол ҳажмини қисқартириш каби қатор қулайликлардан фойдаланмоқда. 

Мамлакатимизда лойиҳа доирасида жами энергия самарадорлигини ошириш бўйича 82 сублойиҳа амалга оширилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу лойиҳаларнинг муваффақиятли бажарилиши натижасида мамлакатимиз бўйича йилига 500 миллион кВт/соат электр энергияси ва 187,7 миллион куб метр табиий газ тежалади. 

 
Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА