ДАРОМАДЛИ КОРХОНА АКЦИЯСИ ОММАВИЙ САВДОДА

“КVARTS”   акциядорлик жамиятининг  4 574 934  дона акцияси “Тошкент” республика фонд биржасида  IРО — бирламчи оммавий таклиф этиш  усули билан  савдога қўйилган.  Жорий йилнинг 4 апрель куни аукцион савдосини ўтказиш режалаштирилган.

 Ушбу жараён янгилик бўлгани ва  республикамизда биринчи марта ташкил этилаётгани муносабати билан акцияларни бирламчи оммавий таклиф этиш (IPO)ни муваффақиятли амалга ошириш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг оммага етказиш мақсадида  жойларда  тақдимотлар ўтказилмоқда.

Бундай тадбирлар пойтахтимиздаги бир қатор ташкилотларда, жумладан,  Корпоратив бошқарув илмий таълим марказида, Тошкент молия институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университетида бўлиб ўтди. Тақдимотларда  “КVARTS” акциядорлик жамияти фаолияти, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари, молиявий-иқтисодий кўрсаткичлари, унинг истеъмол бозорида тутган ўрни, стратегик ривожлантириш дастури асосида амалга ошираётган модернизация ва технологик янгиланишлар жараёни, корпоратив бошқарув тизими ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Шунингдек, бирламчи оммавий савдога таклиф этиш учун  қўшимча чиқарилган акцияларни сотишдан кўзланган мақсад, оммавий савдода иштирок этиш шартлари,  IРО усулида акцияларга буюртма бериш тартиби хусусида батафсил  тушунтирилди.  Хўш, тарғибот тадбирлари  қандай ўтди, тақдимотларда асосан нималарга эътибор қаратилди, унга қизиқиш қандай? Саволларимизга мулоқотдошларимизнинг жавоблари.

Юнусали  Шокиров — “KVARTS” акциядорлик жамияти  акциядорлар билан корпоратив муносабатлар бўлими бошлиғи: 

— Албатта ҳар қандай инвестор ёки оддий фуқаро муайян бир  акцияни сотиб олишдан олдин уни савдо чиқарган корхона қандай фаолият кўрсатаяпти, барқарор ишлаяптими, маҳсулотларининг харидорлиги қандай ҳолатда, рақобатбардошми, деган саволларга жавоб излайди. Шу боис, биз ҳозиргача ўтказган кўплаб тадбирларда айни шу саволлар доирасидаги маълумотларга эътиборимизни қаратдик.  “KVARTS” акциядорлик жамияти  листланган ойна, шиша банка, бутилка, автомобил саноати учун ойна  ва ўтга чидамли материаллар ишлаб чиқарувчи йирик корхона ҳисобланади.  Республика миқёсида қурилиш ойнасининг 60 фоизи, шиша банканинг 95 фоизи ва шиша бутилканинг 50 фоизи корхонамиз ҳиссасига тўғри келади. 2014-2017 йиллар давомида маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажми 2,1 баравар, соф фойда 3,3 баравар ошди.  Охирги уч йилда жамият соф фойдасининг 46-50 фоизи дивиденд учун ажратилди. 2016 йилда олинган соф фойда 56,18 млрд. сўмни ташкил этиб, унинг 28,09 млрд. сўми дивиденд тўлашга йўналтирилди. Бунда бир дона акцияга 1172,3 сўмдан ёки номинал қийматига нисбатан 68,36 фоиз кўп дивиденд берилди. Ўтган 2017 йилда ҳам кўрсаткичларимиз ўсиши шундай ижобий суръатда давом этди.  Олинган  соф фойда миқдори 88,23 млрд. сўмга тенг бўлиб, 1,6 баравар ошди. Учрашувларда  IРОга чиқарилган акциялар ҳақида кўпроқ тушунтириш бердик. Масалан,  бир шахс томонидан кўпи билан 2 287 дона акция сотиб олиниши мумкин. Бир дона акция учун 3000 сўмдан 9100 сўмгача бўлган оралиқда обуналар қабул қилинмоқда. Яъни битта акциянинг нархи  3 минг сўмдан кам бўлмаслиги ва 9100 сўмдан ошмаслиги лозим. Бундан ташқари, алоҳида таъкидлаш керакки, буюртма берилган вақтда акциялар учун 100 фоиз олдиндан тўлов амалга оширилиши керак. Акцияларни сотиш харидор берган буюртмада таклиф этилган нархда, юқори берилган баҳога устуворлик берилган ҳолда амалга оширилади. Акцияларга обуна бўлиш ёки  ариза бериш 3 апрелда якунланади.  Албатта сотув жараёни  мижоз ва брокер ўртасидаги муносабатлардан иборат. Қизиқувчилар фонд бозорида фаолият юритувчи инвестиция воситачилари, яъни брокерлар  рўйхатини Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази www.csm.gov.uz ва “Тошкент” РФБнинг  www.uzse.uz расмий сайтларидан олишлари мумкин.

Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, учрашувлар жуда қизғин, фаол савол-жавоб руҳида ўтди. Умуман, акцияларни сотиб олиш, унга эгалик қилиш ва шу орқали даромадини оширишга бўлган муносабат илгаригидан анча яхшиланганлигини кўриб хурсанд бўлдик. Тадбирларда  фуқаролар, талаба ёшлар томонидан корхонамизда эришилаётган ютуқларнинг омиллари,  келгуси режаларимиз, акциялар ва дивидендлар тўғрисидаги саволлар билан бир қаторда, маркетинг стратегияси, маҳсулотлар турларини кўпайтириш, акциялар жозибадорлигини кўтариш борасида тегишли таклифлар ҳам берилгани таҳсинга лойиқдир. Бу корхонамизнинг келгуси режаларини янада бойитишда, чунончи  ишлаб чиқаришни фаол модернизация қилиш, энерго тежамкор линияларни жорий этиш, маҳсулот ҳажмини ва акциядорлар даромадини ошириш йўлидаги ишларимиз ривожида қўл келиши шубҳасиз.

Жамиятимиз ҳақидаги тўлиқ маълумотларни расмий веб-сайтимиз www.kvarts.uz  да бор.

Баҳодир Ишмуродов —  Корпоратив бошқарув илмий таълим маркази тингловчиси:

— Биз ҳозирда бизнесни бошқариш йўналишида, яъни менежмент, маркетинг, корпоратив бошқарув,  корпоратив молияни бўйича  ўз билим ва малакамизни ошираяпмиз. Машғулотлар давомида корпоратив бошқарувнинг ҳам назарий, хам амалий жиҳатлари, шунингдек, ҳорижий тажриба, мамлакатимиздаги мавжуд ҳолат билан танишиш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Кейинги йилларда юртимизда фонд бозорини халқаро талаблар асосида ривожлантириш йўлида мақсадли ислоҳот олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу бозор замон талаби асосида янги босқичга чиқмоқда. Эндиликда нафақат соҳа мутахасислари, балки ҳар бир шахс  мазкур бозор ва қимматли қоғозлар ҳақида кўпроқ, шаффоф ва холис маълумотга эга бўлиш учун шарт-шароит яратилмоқда. Бундай ижобий ҳолат акциядорлик жамиятлари фаолияти ҳақида ҳаққоний маълумотларни олиш, акциядор бўлиш, акциядорлик жамиятларини бошқаришда иштирок этишга бўлган қизиқишни оширишга туртки бўлмоқда. Республикамизда йирик корхоналардан бири ҳисобланган “KVARTS” акциядорлик жамияти мисолида акцияларнинг оммавий савдосини ташкил этиш йўлида илк бора қўйилаётган қадам эса хорижий амалиётнинг юртимизга кириб келаётганидан далолатдир. Бу жараён қимматли қоғозларнинг бирламчи  бозорни ривожлантириш, бошқа акциядорлик жамиятларининг ҳам акцияларини IРО орқали таклиф этишига ўз таъсирини ўтказади ҳамда келажакда мамлакатимизда акциядорларнинг кўпайишига олиб келади. Пировард натижаси эса аҳолида қўшимча даромад манбаи пайдо бўлади. Тақдимот давомида IРОни ўтказишда  нима учун  мазкур акциядорлик жамияти танланганини билдик. Чунки бундай жараённи амалга оширишнинг  ўзига яраша шартлари бор.  Шу корхонанинг молиявий-иқтисодий фаолияти барқарор, маҳсулотлари рақобатбардош ва харидоргирлигига, нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорида ҳам ўрни борлигига, ҳатто бир неча маротаба халқаро миқёсда эътироф этилганига ишонч ҳосил қилдик. “KVARTS” акциядорлик жамиятининг стратегик ривожланишига оид саволларимизга етарлича жавоблар олдик. Бу каби маълумотларнинг ўзи  ушбу корхона акцияларига қизиқишни ошириши табиий.

Акбар Исомиддинов — Тошкент давлат иқтисодиёт университети корпоратив бошқарув факультетининг  3 босқич талабаси:

— “KVARTS” акциядорлик жамияти  акцияларининг  бирламчи оммавий савдога қўйилгани муносабати билан университетимизда бўлиб ўтган тадбир  биз талабалар, айни шу соҳанинг бўлғуси мутахассислари учун жуда фойдали ўтди. Ҳозиргача дарсларда  акцияларнинг  IРО усулида сотилиши ҳақида назарий билимга эга бўлган эди. Энди  унинг бевосита амалиёти хусусида ушбу корхона мисолида аниқ маълумотларни олдик. Корхонанинг қўшимча чиқарган акциялари оммавий таклиф этилаётгани, савдони амалга ошириш тартиби  тушунтириб берилди. Ушбу жараён иштирокчилари бўлган андеррайтер — инвестиция воситачисининг вазифалари ҳақида гапирилди. Биз ўзимизни қизиқтирган кўплаб саволларни бериш имкониятидан фойдаландик. Масалан, акцияларнинг котировкаси,  акцияларни сотиб олиш юзасидан таклиф қилинаётган нархлар бўйича ўрнатилган чегара, нима учун унинг энг паст даражаси — 3000 сўм, энг юқориси 9100 сўм қилиб белгиланганига оид ва бошқа сўроқларимизга  атрофлича жавоблар олдик. Чунончи, агар  акциялар тўлиқ сотилмаса, улар андеррайтер, яъни Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан сотиб олинар экан. Умуман, тақдимотдан сўнг даромадли корхона акциясини сотиб олиб, акциядор бўлишни ниятни қилдим. Ишонаманки, акциялари оммавий сотилган ушбу корхона келажакда бундан хам ривожланиб, салоҳияти ошиб бораверади. Бу эса унинг акциядорлари учун ҳам қўшимча даромад келтиради

 

Замира ТОЖИЕВА.

Biznes Daily

Оставьте ответ

Ваш электронный адрес не будет опубликован.