“ВОДИЙ ТУЛПОРЛАРИ” НАСЛЧИЛИК КОМПЛЕКСИ ҚУРИЛМОҚДА

Ривоят қилишларича, жуда қадимда, бундан 3 минг йилча аввал ҳозирги Фарғона водийси халқлари гуллаб-яшнаган, ниҳоятда ривожланган юрт бўлган. Водий халқлари асосан ўзларининг зотдор, учқур отлари билан донг таратган экан.

Нақл қилишларича, Фарғона водийсидаги учқур отлар таърифи шунчалик эканки, улар гўёки қанот чиқариб учармиш. Бу таърифни эшитган Хитой подшоҳи отлардан сотиб олиш учун Фарғона водийсига ноёб совға-саломлар билан ўз элчиларини жўнатибди. Бироқ, Фарғона водийсидаги учқур отлар ҳеч қандақанги пулга сотилмас экан. Шундай қилиб, Хитой элчилари қуруқ қўл билан юртларига қайтишибди.

Гарчанд, ушбу ривоят минг йиллардан буён оғиздан-оғизга ўтиб келаётган бўлсада, Хитой солномаларида бу воқеа ҳақида ёзма битиклар борлиги ҳақиқат. Бугунги кунга келиб эса, 3 минг йиллик ривоят яна ҳақиқатга айланимоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида муҳтарам Президентимиз томонидан қадим анъаналаримизга биноан Фарғона вилоятида Қорабайир ва Ахалтаки каби зотдор отларни кўпайтиришни йўлга қўйиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 август кунги “Фарғона вилоятида отларнинг Қорабайир зотларини кўпайтириш чора-тадбирлари Дастури” тасдиқланиб, Дастурнинг 2.3. бандида “Кварц” акциядорлик жамиятига 50 бошга мўлжалланган Қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисос- лашган наслчилик комплексини ишга тушириш вазифаси топширилди.
Мазкур топшириққа асосан, Қувасой шаҳар ҳокимининг 2017 йил 9 август куни “Кварц” акциядорлик жамиятига Қорабайир зотли отларни кўпайтириш наслчилик комплекси қуриш учун ер майдони танлаш ва ажратиш тўғрисида”ги 719-сонли қарори қабул қилиниб, Доимий ҳаракатдаги комиссиянинг далолатномаси инобатга олиниб, шаҳарнинг “Пакана” МФЙ ҳудудида жойлашган 252, 255, 259-контурлардаги заҳира ерлари ҳисобидан комплекс қуриш учун жами 2,5 гектар ер майдони ажратилди. Наслчилик комплексини қуриш учун “Ўзбекистон Республикаси аҳоли ҳудудларида автмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария қоида ва меъёрлари тўғрисида”ги талабларига мос келиши ҳақида Техник шарт ҳам олинди.
Комплекснинг лойиҳа-смета ҳужжатлари “Фарғона- агролойиҳа” МЧЖ лойиҳа институти томонидан тайёрланди ва экспертизадан ўтказилиб, вилоят архитектура ва қурилиш шаҳарсозлик Кенгашига тақдим этилди.
“O’ZGASHKLITI” ДУК Фарғона филиали томонидан қурилиш объектининг топосъёмка ва геологик қидирув ишлари бажариб берилди. Ажратилган ер майдонининг топосъёмка харитаси Қувасой шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармаси, Қувасой шаҳар Ер ресурслари ва Давлат Кадастри бўлими томонидан тасдиқланди. Объектнинг Архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ)ни Қувасой шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармаси қошидаги уй-жой ва инфратузилма объектлари қурилиш бўлими тайёрлаб берди. АРТ ҳужжатлари Қувасой шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан тасдиқланди. Наслчилик комплексини ичимлик сув ва оқава сув тизимига уланиш бўйича Фарғона вилояти “Сувоқова” ДУКдан, табиий газга уланиш бўйича “Водийгазтаъминот” Қувасой шаҳар филиалидан, электр тармоқларига уланиши бўйича Қувасой шаҳар “Электр тармоқлари корхонаси”дан ҳамда қурилиш объектигача ҳаво алоқа боғланмаси қуриш бўйича “Ўзбектелеком” АК Фарғона филиалидан техник шартлари олинди.
“Фарғонаагролойиҳа” МЧЖ лойиҳалаш институтига Қорабайир зотли отларни боқиш комплекси қурилишини муаллифлик назоратини олиб бориш ишлари юклатилди.
Қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган наслчилик комплекси қурилиши бўйича танлов ўтказиш учун “BIZNES Daily” Биржа газетасининг 2017 йил 12 сентябрь кунги 105-(2276) сонида эълон берилди ва қурилиш ишларини бажариш учун 2017 йил 21 сентябрда қурилиш–пудрат ташкилотлари ўртасида танлов савдоси ўтказилди. Танлов савдосида шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармасидан С.Ашуров, Молия бўлимидан Ш.Тожимаматов, Статистика бўлимидан И.Усмоновлар мажлисда кузатувчи сифатида иштирок этдилар.
Танлов комиссиясининг хулосасига кўра, “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонасининг берган танлов таклифи мақбул деб топилди ва ушбу хусусий корхона танлов ғолиби деб эътироф этилди.
Айни пайтда “Водий тулпорлари” деб ном олган Қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган наслчилик комплексини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бу ерда кўпайтирилиб, парвариш қилинадиган 50 та Қорабайир отга мўлжалланган наслчилик комплексида ҳар бир от учун алоҳида хона, махсус машқ хонаси, отбоқарлар учун хоналар, уларнинг ювиниш хоналари, Маънавият хонаси қурилиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Масъулларнинг билдиришича, ушбу наслчилик комплексида доимий ишлаш учун Тошкент вилоятидан тажрибали отбоқарлар таклиф этилади. Барча ишлар бу ерда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти Федерацияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган.
Қувасой шаҳрининг Пакана қишлоғи ҳудудида қад ростлаётган ва тез кунларда фойдаланиш учун топшириладиган Қорабайир зотли отлар наслчилик комплекси асосан ҳарбийлар, “Ватанпарвар” ташкилотларига зотли отларни етказиб бериши кўзда тутилган. Бундан ташқари, вақти-вақти билан ташкил этилиши мўлжалланаётган Қорабайир зотли отларнинг кўргазмали чиқишларини намойиш этиш учун 180 ўринга мўлжалланган томоша майдони қурилиши ҳам амалга ошириляпти.
Бир сўз билан айтганда, Қувасой шаҳрида Фарғона водийсида ягона бўлган Қорабайир зотли отларни етиштиришга мўлжалланган наслчилик комплексини қуриш тез кунларда ниҳоясига етказилади ва тантанали тарзда очилиш маросими ташкил этилади.
Зеро, ушбу комплекснинг бунёд этилиши қадим авлодларимиз анъаналарини тиклаш, бугунги кун ёшларини Ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос мактаб вазифасини ўташи шубҳасиздир.

Ўғилой КАРИМОВА, Қодирали Аҳмадалиев“Исфайрам” мухбирлари.

Оставьте ответ

Ваш электронный адрес не будет опубликован.