Биринчи IPO  қандай ўтди?

Яқинда  мамлакатимиз фонд бозорида илк бор “Кварц” акциядорлик жамияти акциялари “Тошкент”  республика фонд биржаси савдоларида IPO усулида сотилди.

 

          Хўш, кўпчиликда қизиқиш уйғотган биринчи IPO қандай ўтди? Қуйида шу хусусда фикр юритамиз

 

                                                     IPO ўзи нима?

 

Гарчи IPO тўғрисида, унинг келиб чиқиш тарихи хамда бу усулни қўллашнинг афзалликлари тўғрисида кўплаб мутахассислар томонидан фикрлар билдирилган бўлсада, эслатма тариқасида у хақда қисқача тўхталиб ўтамиз.

IPO (инглизча -Initial public offering сўзининг қисқартмаси) –бу қимматли қоғозларни илк бор оммавий таклиф қилинишидир.

IPO орқали компаниялар асосан қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

  • кенг доирадаги инвесторлардан узоқ муддатли капитал жалб қилиш;
  • ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш;
  • айланма маблағларни кенгайтириш;
  • қарздорлик юкини камайтириш;
  • компания нуфузини ошириш;
  • истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва х.к.

 

IPO ўтган аср 90-йиллари  охирида оммавийлаша бошлади. Ўшанда бир йилнинг ўзида 200 дан ортиқ компания IPO ўтказиб,  200,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида капитал жалб қилишга муваффақ бўлган. Бу борада дастлаб АҚШ, кейинчалик Европа давлатлари ҳамда Хитой компаниялари етакчилик қилган. IPO ҳозирда хам дунёнинг етакчи компаниялари томонидан муваффаққиятли амалга оширилмоқда.

 

                                       IPO миллий фонд бозоримизда      

 

Айримлар, мустақилликнинг дастлабки йилларида бошланган хусусийлаштириш натижасида фонд бозорида акцияларнинг оммавий сотилиши гарчи бу жараён расман IPO деб номланмаган бўлсада, унга жуда ўхшашини таъкидлашади.

Лекин, шуни унутмаслик керакки,  дастлабки хусусийлаштириш жараёнида асосан давлат активлари бўлган акциялар сотилган. IPOда эса ташаббускор сифатида компания иштирок этади.

     Президентимизнинг 2017 йил 17 январдаги  “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг  тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиз фонд бозори тарихида илк бор акциядорлик жамиятлари акцияларини фонд биржасида ахолига ва тадбиркорлик субъектларига бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) ошкора таклиф этишни жорий этиш белгиланди.  Вазирлар Маҳкамасининг 2017  йил 10 майдаги  “Фонд биржасида акцияларнинг оммавий таклифини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига кўра,  “Кварц” АЖ акциялари IPO усулида сотилиши кўзда тутилди.

 

Нима учун “Кварц” АЖ танланди?

 

“Кварц” акциядорлик жамияти  нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиёда ойна махсулотлари ишлаб чиқарадиган етакчи йирик саноат корхонаси ҳисобланади.

Корхона сўнгги йилларда ўзининг молиявий барқарорлигини бир неча баробар оширишга муваффақ бўлди. Шунингдек, ишлаб чиқарувчилар орасида мамлакатимизда ҳамда халқаро миқёсда турли нуфузли совринларни қўлга киритди.

Корхонада маҳсулот, иш, хизматларни сотиш  2016 йилда 229,45 млрд. сўмни, 2017 йилда 299,06 млрд. сўмни, соф фойда 2016 йилда 56,18 млрд. сўмни,  2017 йилда 88,23 млрд. сўмни ташкил этди. Соф фойданинг 42 фоизлик  қисми дивидендга, қолгани капитализация учун йўналтирилмоқда. Бу ҳам акциядорларга қўшимча даромад демакдир.

Бугунги кунда корхонада 2300 нафардан зиёд фуқаро кўтаринки кайфият билан мехнат қилмоқда. Эндиликда бошқалар  учун ҳам  шундай молиявий барқарор корхонанинг акциядори бўлиш имконияти  яратилди.

 

IPO қандай амалга оширилди?

 

Дастлаб “Кварц” АЖ томонидан номинал қиймати 1715 сўм бўлган 4574934 дона 7846011810 сўмлик оддий акциялар чиқарилуви 2017 йил 2 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилди 5 декабрда   “Тошкент” республика фонд биржаси савдоларига  қўйилди.

Хар бир дона акциянинг сотув нархи 3000 сўмдан 9100 сўмгача қилиб белгиланиб, буюртмаларни қабул қилишни якунлаш санаси этиб  2018 йилнинг  3 апрель куни белгиланди. Акцияларни оммавий илк бор таклиф этиш (IPO) усули мамлакатимиз фонд бозори тарихида биринчи бор амалга оширилаётганлиги боис мазкур жараённи сифатли  ташкил этиш, унга аҳолининг кенг қатламини жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Қимматли қоғозларга сармоя киритишнинг афзалликларини кенг оммага етказиш учун   республика миқёсида жойларда аҳоли ва тадбиркорлар, талабалар ўртасида учрашувлар ўтказилди,  оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди.

Бундан ташқари, акцияларнинг  IPO усулида сотилиши бўйича жойларда флайерлар ҳамда плакатлар тарқатилди, телевидениеда реклама роликлари бир неча бор эфирга узатилди.

Буюртмалар беришни тугаш санасига келиб “Кварц” АЖ нинг 2475269 дона акцияларини сотиб олиш бўйича 3000 сўмдан 9100 сўмгача бўлган нархлар оралиғида 3305 нафар жисмоний ва юридик шахсдан буюртмалар келиб тушди.  Бу сотувга қўйилган 4574934 дона акцияларга нисбатан 54,1 фоизни ташкил этди. Жорий йилнинг 4 апрель куни ушбу  буюртмалар бўйича биржа савдолари ўтказилди.

Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали  айрим мутахассислар томонидан корхона акциялари тўлиқ сотилмаганлигининг асосий сабаби акциялар керагича реклама қилинмаганлигида, “road show”лар ўтказилмаганида деган фикрлар билдирилди.

Лекин ушбу жараённинг бир иштирокчиси ва фаол кузатувчиси сифатида бу фикрга қўшилмаган бўлардик. Чунки корхона томонидан реклама ишларига керагича эътибор қаратилди. Реклама ва тарғибот ишлари нафақат марказий телевидение ва нашрларда, балки вилоятларнинг маҳаллий телевидение ва  бошқа ОАВлари, балки учрашув ва тадбирлар орқали амалга оширилди. Фикримизча, кўпчилик фуқароларимиз шунчаки таваккал қилишни исташмади, холос.

 

Натижа қандай бўлди?

 

IPO натижаларига кўра “Кварц” АЖ қўшимча 7523,81 млн. сўмлик айланма маблағга эга бўлди. Мазкур маблағнинг бир қисми  IPOни ўтказиш бўйича қилинган харажатларни қоплашга йўналтирилади. Қолгани  корхонада ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янги замонавий ускуналарни ўрнатишга  сарфланади.

Бундан ташқари 9 апрелдан  фонд биржасининг иккиламчи бозорида “Кварц” АЖ акциялари олди-сотдиси бўйича битимлар тузила бошланди. Бу фаоллик кундан-кунга жадаллашиб бугунги ҳар бир дона акциянинг ўртача қиймати  5000 сўмни ташкил қилмоқда. Демак,  жамият акциялари фонд бозоримизнинг янада жонланишига, фуқароларда акцияларга нисбатан  қизиқиш уйғонишига олиб келди хамда қимматли қоғозлар даромад манбаи эканлиги амалда ўз исботини топди. Йил якунларига кўра, “Кварц” АЖ  фонд биржасида тузилган битимлар сони бўйича биринчилардан бўлса ажаб эмас.

Ўйлаймизки, мамлакатимиз фонд бозори тарихида илк бор ўтказилган IPO муваффаққиятли кечди. Мазкур жараёнда орттирилган тажриба келгусида амалга ошадиган IPO самарасини таъминлашда  қўл келиши шубҳасиз.   Фуқароларимизнинг бир гуруҳи  молиявий барқарор  акциядорлик жамияти акциядори бўлганликларидан мамнунликларини изҳор этишмоқда.

 

 

Мақсуд Кенжаев,

Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш

ва ривожлантириш маркази

 Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи.

 

“Менинг мулким” иқтисодий газетасининг 2018 йил 18 майдаги №18-сонида чоп этилган

2 Комментарии
  1. Леонид говорит

    Можно на русском тоже? Заранее благодарю!

    1. chevas говорит

Оставьте ответ

Ваш электронный адрес не будет опубликован.